Улфат Султановна Қосимхўжаева, 01.06.1936 – 06.09.2020. Менинг аям. Биргаликда 40 йил яшадик. Ойим рахматлик оламдан ўтганларидан сўнг (1978), отам, Омонулла Файзуллаевич Файзуллаев аямга уйландилар (1980). Отамнинг бу дунёнинг тарк қилгунларича (2008) улар узоқ йил биргаликда яшашди. Яхши, тотув ва бахтли яшашди, бир бирларига меҳрибон бўлишди. Аям отамга жуда яхши қарадилар ва биз бундан жуда миннатдор бўлдик. Биз хам аямиз учун қўлдан келган ҳамма нарсани қилдик, доим хизматларида бўлдик.
Аям камтарин, беозор, зиёли, олийжаноб ва жуда яхши аёл эдилар. Олима, химия фанлари номзоди. Бизга оналик қилдилар, онамиздек эдилар. Ҳамма фарзандларимизни катта қилишда хизматлари катта бўлган. Набираларни ҳам жуда яхши кўрардилар.
Охирги ярим йилда уларни ҳар қанакасига асрашга ҳаракат қилдик. Афсус, уйимизга коронавирус кириб, аям ҳам дардга чалиндилар. Тезда пневмонияга айланди, кейин эса юрак хасталиги ўзини кўрсатди. Ёшнинг ва сурункали касалларнинг таъсири бўлди.
Аллоҳ раҳмат қилсин, охиратлари обод бўлсин, жойлари жаннатда бўлсин.
