Қуйидаги мақолам икки йил аввал “Фалсафа ва фанлар методологияси муаммолари. Аллома Омонулла Файзуллаев илмий-назарий ўқишлари материаллари” (Тошкент: И.Мўминов номидаги Фалсафа ва ҳуқуқ институти, 2009) китобида чоп қилинган.

Омонулла Файзуллаев (1921-2008) – фалсафа фанлари доктори, профессор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, Беруний номидаги Ўзбекистон Республикасининг давлат мукофоти лауреати, Жаҳон уруши қатнашчиси.
Ўғил учун ота ҳақида ёзиш осон эмас. Айниқса, у забардаст инсон, йирик олим ва меҳрибон ота бўлган бўлса. Сабаби ҳар қанча гапирсанг ҳам сўз етишмайди…
Отамга ўзбек зиёлилари авлодининг ёрқин вакили ва тимсоли сифатида қараш мумкин. Бу авлод мамлакатимизда билим зиёсини тарқатишга, шу жумладан, замонавий илм-фан пойдеворини яратишга ғоят катта хисса қўшди. Биз ва келажак авлод уларга фақат чуқур эҳтиром ва миннатдорчилик билдиришимиз керак, деб ўйлайман.
Отам илмга ва уни тарқатишга ташна одам эдилар. Уларда илм, илм тарихи, олимларнинг фаолиятини ўрганишга катта эҳтирос бор эди; талабаларга, аспирантларга дарс берганда бутун вужудлари завққа тўларди. Умрларининг сўнгги кунларигача илмий, илмий-маърифий ва педагогик фаолият билан астойдил шуғулландилар. 85 йиллик юбилейларидан сўнг, яъни умрларининг кейинги икки ярим йилида тўртта китоб, йигирмага яқин илмий, услубий, илмий-оммабоп мақолалар ва тезислар ёздилар. Ибн Сино ва Беруний баҳсига бағишланган янги асар ёзишни режалаштирган эдилар. Кексаликларига қарамай, ёш педагоглардан қолишмайдиган ғайрат билан баъзан кунига саккиз соатдан маъруза ўқир эдилар.
Бир неча йил олдин Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси отамга докторлик илмий даражасини ҳимоя қилиш борасида Ихтисослашган кенгашга раислик қилишни таклиф килди. Отам бу лавозимда ҳар доимгидек ҳалол, ғайрат ва масъулият билан фаолият кўрсатдилар.
Отам улуғ алломаларимизнинг меросини ўрганишга катта хисса қўшдилар. Авлодимиз шажарасини тиклаш ҳам уларнинг хизматларидир. Сўнгги китоблари («ХХ аср зиёлилари: устозларим ва сафдошларим») ҳам оламдан ўтган устозлари, мактабдошлари, университетдошлари, мулоқотда бўлган сафдошларининг руҳларини шод этиш ҳамда ҳозирда ҳаёт бўлганларга ижодий муваффақият тилашдан иборат бўлган. Умид қиламизки, отамнинг сафдошлари ва шогирдлари чиқарган ушбу китоб уларнинг руҳларини шод этади.

Отам нафақат олим, балки йирик, серқирра ва ўзига хос шахс ҳам эдилар. Кишининг шахсини тушунишда унинг турмуш тарзи, кундалик ҳаётида қанақа бўлганлигини англаш зарур. Мен ҳам отамга хос бўлган баъзи хусусиятлар ҳақида қисқача тўхталиб ўтмоқчиман.
Отам болаликда отасиз қолганлар. Жуда эрта – мактаб ёшидан бошлаб – меҳнат қилиб, оила боқишга мажбур бўлган эдилар (мактабнинг юқори синфида бўла туриб, қуйи синфга дарс берганлар!). Иккинчи жаҳон уруши пайти оғир яраланганлар, ҳаётда қанча қийинчиликлар кўрганларига қарамай, мен уларнинг ҳаётдан нолиганларини ёки бирон бир инсон ҳақида ёмон фикр билдирганларини эслолмайман. Улар доимо «шукур қилиш керак», дер эдилар. Бошқалар «аҳволингиз қанақа?», деб сўрашса, «беш», ёки «аъло», деб жавоб берар эдилар. Иш, бурч – бу отам учун энг қадрли нарсалардан эди.

Отам пок, ҳалол, тўғри инсон эдилар. Бу фазилатлар уларнинг ҳаётларида ҳам, илмда ҳам доимо кўзга ташланар эди. Ўзларига ҳам, шогирдларию ҳамкасбларига ҳам жуда талабчан эдилар, сафсатабозлик, олди-қочди гапларни ёқтирмасдилар, ўз фикрларини тўғри, очиқ тарзда айтардилар. Отам эътиқоди кучли инсон бўлиб, ўз амали ёки мавқеъидан шахсий манфаатлари учун ҳеч қачон фойдаланмаган.
Отам ҳаётда кўп нарсага ўзининг ҳалол меҳнати ва фидойилиги орқали эришганлар. Отамда табиат инъом этган ажойиб хусусиятлар ҳам бор эди. Булардан бири – феноменал хотира. Уларнинг хотиралари ниҳоятда кучли, мустаҳкам эди. Саксон йил, эллик йил ёки бир неча йил аввалги воқеа-ҳодисаларнинг барчасини аниқ ва равон эслай олардилар. Отам оила, фарзанд ва набираларига ниҳоятда ғамхўр ва меҳрибон эдилар. Улар доимо ҳаммамизни илм билан шуғулланишга даъват этганлар. Ҳаётларининг сўнгги кунларидан бирида кенжа набираларига: «профессор бўласан, а?!», деган эдилар.
Отам ҳақида ўйлар эканман, кўпинча кўз ўнгимда бир воқеа гавдаланади. 1966 йил, апрель ойининг охирлари. Тошкентда кетма-кет зилзила бўлганди ўшанда. Мен, ўша пайтда тўққиз ёшли бола, кечалари уйимиз хоналаринг бирида гилам устига солинган ўрнимда ухлар эдим. Ер қимирлаш бошланса, отам устимга келиб, мени гавдаси билан тўсар эдилар, гўёки уй бузилиб, менинг устимга қулайдиган булса, улар ҳимоя қилиб қолардилар. Ўша пайтда отамни том босиб қолса ҳам, мени уз гавдаси билан ҳимоя қила олишига қаттиқ ишонардим. Ҳозир ҳам ишонаман, чунки отам раҳматли ҳақиқатдан ҳам забардаст ва буюк инсон эдилар.
Ассалому Алейкум! Ўқиб чиқиб, Омонулла Файзуллаев домла сизнинг отангиз бундан 18 йил илгари мен тахсил олган лицейга келиб, лицей ўқувчиларига жуда ҳам қизиқ маруза – “Ал-Хоразмий”ни ижоди ҳамда “Алгоритм” термини келиб чикиши тўғрисида сўзлаб берганлари ёдимга тушди. Маруза жуда қизиқ бўлгани сабабли мана шунча вақт ўтса ҳам , худди кечагидег эсимда. Сизларнинг оилангизни махалладош сифатида таниганим сабабли жуда хурмат қиламан ! Фарзандларингиз ҳам Отангиз айтганларидек -«профессор буласан, а?!», Профессорлар бўлсин!
LikeLike
Рахмат катта!
LikeLike
Рахмат!
LikeLike
Alisher aka maqolangizni o’qib chiqib “olma tagiga olma tushadi” degan gap bejiz emas ekan deb o’yladim . Men siz bilan bir maxallada tursam xam sizni yaqindan tanimasdim, maqolalarizni o’qib chib, siz oziz xam kuchli olim ekansiz degan xulosaga keldim .
LikeLike
Аплодирую стоя! браво!
LikeLike
Спасибо большое!
LikeLike
Otalar haqida so’z ketganda har doim O’tkir Hoshimovning bir gaplari yodimga tushadi ,,Otalar mehri farzandlariga onalarnikidan kam bo’lmaydi , faqat ozgina yashirinroq bo’ladi”. Otamiz honadonlarimizning oçhmas chirogídirlar.Kun boýi ayrimlar o’qish bilan, ayrimlar ish bilan koçha koýda o’z rizqu nasibalarini topish uchun ,uylaridan havotir olmay,hotirjam yuradilar.Nega ? Chunki uyda honadonlarining chirogí bor.To’g’ri bu dunyo foniy va biz ishongan chiroq ham qanchalik ogír bo’lmasin bir kun oçhadi.Biz farzandlarning vazifasi oýlashimcha otalarimizdan ibrat olib,farzandlarimizga ibrat bo’lishdir.Shuni aytsalar kerak avlodlar davomiyligi deb.
LikeLike
Рахмат, Рустам, саломат булинг!
LikeLike
Ўқиб ўз болалигим хотиралари эсимга тушиб кетди. Юз фоиз эмаску, лекин болалигим даврида бошимдан ўтказган оғир ва яхши кунларим кино лентаси сингари кўз олдимдан ўтди. Яқин вақтларда барча хотираларимни китоб шаклида чоп этиш ниятидаман. Хар бир оқил фарзанд ота-онаси ўгитларига амал қилиб, уларнинг хайрли ишларини шараф билан давом эттириш менинг фикримча хам фарз хам қарз. Эсдалик хотираларингиз билан бўлишганингиз учун рахмат. Чуқур хаёл сари тортади.
LikeLike
Ташаккур.
LikeLike