Юлдузлар

– Качон охирги маротаба юлдузларни кургансиз? – деб сурадим иккита одамдан.

– Эсимда йук, – деди иккала сухбатдошим хам.

Узимнинг хам эсимда йук, очигини айтсам. Анча йиллар булди юлдузларни курмаганимга. Афсус. Мен-ку майли, ёшлигимда осмонда юлдузлар куп буларди. Хозирги шахарда яшайдиган ёшлар орасида умуман юлдузларни курмаганлар хам бор. Чунки хаводаги кир-чирлар бунга йул куймайди.

Албатта, юлдузлар – ажойиб ва гузал. Сехрли. Уларни тамоша килиш катта завк беради, хаёлни бошка оламларга олиб кетади. Дунёга бошкача карашга чорлайди.

Хаммамизга юлдузларни куриб, тамоша килиш бахти насб килсин!

Думли ва думсиз “х”

Думсиз ва думли “х” харфини ажратишга кийналаман. Аксарият холларда фаркини умуман сезмайман. Кимдир айтдики, бу нарса купчилик тошкентликларга хос, деб. Билмадим. Лекин менга жуда хос. Купчилик буни очик тан олмайди, менимча.

Баъзан “э, бор-э!” деб, тегишли белгиларни куймайман хам. Бу постимда хам шундай кила колдим.

Улфат Султановна Қосимхўжаева (01.06.1936–06.09.2020)

Улфат Султановна Қосимхўжаева, 01.06.1936 – 06.09.2020. Менинг аям. Биргаликда 40 йил яшадик. Ойим рахматлик оламдан ўтганларидан сўнг (1978), отам, Омонулла Файзуллаевич Файзуллаев аямга уйландилар (1980). Отамнинг бу дунёнинг тарк қилгунларича (2008) улар узоқ йил биргаликда яшашди. Яхши, тотув ва бахтли яшашди, бир бирларига меҳрибон бўлишди. Аям отамга жуда яхши қарадилар ва биз бундан жуда миннатдор бўлдик. Биз хам аямиз учун қўлдан келган ҳамма нарсани қилдик, доим хизматларида бўлдик.

Аям камтарин, беозор, зиёли, олийжаноб ва жуда яхши аёл эдилар. Олима, химия фанлари номзоди. Бизга оналик қилдилар, онамиздек эдилар. Ҳамма фарзандларимизни катта қилишда хизматлари катта бўлган. Набираларни ҳам жуда яхши кўрардилар.

Охирги ярим йилда уларни ҳар қанакасига асрашга ҳаракат қилдик. Афсус, уйимизга коронавирус кириб, аям ҳам дардга чалиндилар. Тезда пневмонияга айланди, кейин эса юрак хасталиги ўзини кўрсатди. Ёшнинг ва сурункали касалларнинг таъсири бўлди.

Аллоҳ раҳмат қилсин, охиратлари обод бўлсин, жойлари жаннатда бўлсин.

Муқаддамхон Ашрапова (1919-1999)

Муқаддамхон Ашраповна Ашрапова (1919-1999) – медицина фанлари доктори, профессор, хизмат курсатган фан арбоби, машхур хирург, уруш қатнашчиси. Менинг ажойиб ва азиз холам (ойимнинг опалари). Қуйида улар хақида бошқа бир холам – Мукаррам Муҳитдинова ёзган хотирани келтираман.

Уруш қатнашчиси Муқаддамхон Ашрапова холапошшамиз ҳақида

Screen Shot 2020-04-30 at 7.53.56 AM

Менинг холапошшам Муқаддамхон Ашрапова 1919 йилнинг 17 декабрида Тошкент шаҳрида туғилганлар, дастлабки саводларини оталари Саидашрафхон бувам қўлларида чиқарганлар.
Муқаддамхон опам 6 ёшдан Улуғбек номли мактабга борганлар ва 1935 йилда мактабни битириб “ТашМИнинг рабфаки” (ҳозирги Тошкент тиббиёт академиясининг тайёрлов курси)га ўқишга кирганлар.
Қўлимда лотин имлосида бувамларга ёзилган бир хат, уни грамматикасини сақлаган холда тўлиғича келтираман (1929 йил 1 декабрда Ўзбекистонда араб имлосидан лотин алифбосига ўтилганини эътиборга олсак, хатдаги имло хатолар тушунарли бўлади):
Бадаловга хат.
Ушбу хат блан малум қиламизки сизни қизингиз Ашрапова Муқаддам ҳақиқатдан ҳам ўз ўқушларини аъло битириб иниститутга зачотсиз ўтиш муносабати блан Ташми профкоми томонидан Масковга саёхат учун юборишни мақул кўриб умумий студентлар мажлисида мукофотлади. Шунинг учун сиз томондан қариши олиб юборишингиз керак.
деб Рабфак профорги (имзо)
профком Расулов (имзо)
7/YII 36 год.
Бу хатдан кўринадики, Муқаддамхон опам ҳақиқатан ҳам тиришқоқлик билан ўқиб, ТашМИга кириш имтихонларисиз қабул қилинганлар.
1941 йил. ТашМИнинг навбатдаги битирувчилари ўз битирув кечаларига тайёргарлик кўрмоқдалар, лекин 22 июнь эрта саҳарда гитлерчилар Германияси уруш эълон қилмай туриб уруш бошлаб юборади. Ўша куниёқ бутун Ўзбекистон бўйлаб ҳам фронтга сафарбарлик эълон қилинади. Шунда бир гуруҳ битирувчилар ўз хохишлари билан ариза бериб, битирув кечасидан чиқиб, тўғридан-тўғри фронтга жўнайдилар. Ариза берганлар орасида икки ўзбек қизи, икки битирувчи дугона Анвара Муҳаррамова билан Муқаддам Ашраповалар ҳам бор, лекин Анварани фронтга юборишадию, Муқаддамни эса Тожикистон республикасининг Конибодом тумани Қароқчиқум қишлоғи врачлик участкасига ишга юборишади. Дугонасини хавас билан фронтга жўнатар экан, Муқаддам ҳам Конибодомда ишларни юрғизиб олгач, тез орада фронтга жўнашини айтади.
Ёш шифокор Муқаддамни бир ойдан кейиноқ врачлик участкасига раҳбар қилиб тайинлашади, 1942 йилнинг сентябрида эса уни Конибодом туманининг соғлиқни сақлаш бўлимига (райздрав) мудир қилиб тайинлашади. Тиниб-тинчимас ёш шифокор бўлим ишларини ташкил қилишда жонбозлик кўрсатиб, 1943 йил февралида ниҳоят фронтга кетади.

Screen Shot 2020-04-30 at 8.11.35 AM

Бу ёзувларни Муқаддам опамнинг вафотларидан кейин 90 йиллик юбилейларига тайёргарлик арафасида меҳнат дафтарчаларидан кўчирар эканман, улар билан бўлган бир суҳбатим эсимга тушиб кетди. Холапошшам уруш ҳақида эслашни ёқтирмас эдилар, шунга қарамай йўқ-йўқ баърибир уруш тафсилотларини сўраб турар эдик. Бир кун бувамларни эслаб туриб сўраб қолдим:
– Муқаддам опа, қанақа қилиб бувамлар сизга, ёшгина қизга, фронтга кетишга руҳсат берганлар?
– Ээ, руҳсат қаёқда дейсан! Москвага ўқишга юборишаябди, деб адамларни зўрға кўндирганман. Фронтдан учбурчак хат олгандан кейингина урушга кетганимни билиб қолганлар.
– Кейин койиб бермаганмилар?
– Койиш ўрнига раҳматли адам, майли қизим, ўғлим йўқ деб ўксиб юрардим. Сен менинг ҳам ўғлим, ҳам қизимсан, мард бўл, тўғри бўл! Олгин-у олдирмагин, омадингни берсин, она қизим! – деб ёзар эдилар. Адамнинг бундай хатларини олганим сари кўнглим тоғдек кўтарилар эди.
Шу тариқа фронтга кетган Муқаддам Ашрапова аввал Шимолий-Ғарбий фронтнинг 27 Армияси, 2203 сонли ҳаракатдаги госпиталининг врач-ординатори бўлиб хизмат қилабошлайди, 1943 йилнинг май ойидан бошлаб эса Воронеж фронтининг 117 алоҳида алоқа полкида катта врач лавозимида хизмат қилади. 1943 йилнинг августидан то 1944 йил июнигача 1-нчи Украина фронтининг 155 ўқчи дивизияси 786 ўқчи полкининг врачи бўлиб, 1944 йил июнидан бошлаб 1945 йил мартигача 4-нчи Украина фронтининг 1-нчи Гвардия Армиясининг 2624 сонли госпиталида ординатор, 1945 йил апрелидан эса шу фронтнинг 340 ўқчи дивизиясининг 433 алоҳида тиббий-санитар батальонида ординатор бўлиб хизмат қилади. Ғалабани ўз хизмат постида кутиб олган Муқаддам фронтдан жўнашга шошилмайди ва 1945 йил июльгача хизматини давом этдиради. Ниҳоят, 1945 йил июльда Муқаддам кўкси тўла орден ва медаллар билан Туркистон ҳарбий округининг штаб санитар бўлимига юборилади.

1945 йилнинг сентябридан бошлаб 2 йил давомида у Ўрта Осиё давлат университетининг ҳарбий кафедрасида ўқитувчи бўлиб ишлайди. Лекин Муқаддам Ашраповнанинг бутун фикри-ҳаёли ўзи битирган тиббиёт институтига ишга қайтиш эди, ниҳоят, 1947 йил сентябрида у ўзи битирган жонажон институтига ишга қайтади ва умрининг охиригача шу институтда ҳам шифокор, ҳам ўқитувчи бўлиб ишлайди. Факультет жарроҳлик кафедрасининг ассистенти лавозимида иш бошлаган Муқаддам тез орада илмий изланишларини бошлаб юборади. 1953 йилда “Бош мия жароҳатида вужудга келадиган баъзи биокимёвий ўзгаришлар” мавзуида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилиб, тиббиёт фанлари номзоди илмий даражасига эга бўлади. 1956 йилнинг январида у Москвадаги 2-нчи тиббиёт институтига докторантурага киради ва йилнинг охиригача Москвада илмий изланишлар олиб боради. 1957-1964 йилларда II-жарроҳлик клиникасида доцент, катта илмий ходим бўлиб ишлайди. 1964 йилда у “Портал гипертензия синдромини ташҳизлаш ва даволаш масалаларига доир” мавзуида докторлик диссертациясини ёқлаб, тиббиёт фанлари доктори илмий даражасини олишга муваффақ бўлади, шу йили унга “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган шифокор” унвони берилади ва 1967 йилда эса профессор унвони берилади. 1964-1966 йилларда умумий жарроҳлик кафедрасининг доценти ва 1966 йилдан бошлаб стоматология факультетининг умумий жарроҳлик кафедраси мудири ва стоматология факультети декани лавозимида ишлайди. 1971 йилда М.А.Ашраповага “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби” унвони берилади.

Screen Shot 2020-04-30 at 8.11.00 AM

Муқаддам Ашраповна урушда кўрсатган жасоратлари учун “Қизил Юлдуз” (орден № 2657990) ва “Ҳурмат Белгиси” орденлари, “За боевые заслуги” медали ( № 418372) ва қатор медаллар билан мукофотланган эди.
М. Ашрапованинг урушдан кейинги меҳнат фаолияти ҳам юқори баҳоланди:
1950 й.да “Соғлиқни сақлаш аълочисига” кўкрак нишони (17 январь, 1950й.);
1966 й.да “1941-1945 йиллардаги Улуғ Ватан урушида қозонилган ғалабанинг йигирма йиллиги” медали (14 май, 1966й.);
1974 й.да Ўзбекистон Республикаси Фахрий Ёрлиғи (№2186);
1978 й.да “Уруш фахрийлари” кўкрак нишони (14 октябрь, 1978й.);
1980 й.да Ғалабанинг 35 йиллиги муносабати билан “Эсдалик медали”
(9 май,1980й.);
Ўзбекистон Республикаси Фахрий Ёрлиғи (2 февраль 1980й.);
“1979йил мусобақа ғолиби” нишони (2июнь, 1980й.);
“Ҳарбий кучларнинг 60 йиллиги” медали (25 март, 1980й.);
1981 й.да “Меҳнат Қизил Байроқ” ордени (28 июнь, 1981й. орден № 472006);
1982 й.да Н.И.Пирогов Кўкрак Нишони (11 февраль,1982й.);
1985 й.да “I даражали Ватан Уруши” ордени (орден № 631366);
“1941-1945 йиллардаги Улуғ Ватан урушида қозонилган ғалабанинг қирқ йиллиги” медали (5 май, 1985й.);
1988 й.да “Ҳарбий кучларнинг 70 йиллиги” медали (22 февраль, 1988й.);
1991 й.да Бутуниттифоқ уруш ва меҳнат фахрийларининг “Ҳурмат Белгиси” нишони (8 октябрь, 1991й. №3683);
1994 й.да II даражали “Соғлом авлод учун” ордени (18 март, 1994й. №00003);
“Жасорат” медали (6 май, 1994й.);
Словакия Республикаси медали (29 август,1994й. № 1175);
1995 й.да “1941-1945 йиллардаги урушда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 50 йиллиги” юбилей медали (20 апрель 1995й. № 200690)

Screen Shot 2020-04-30 at 7.53.47 AM

М. Ашрапова 100 га яқин илмий мақолалар муаллифи бўлиб, унинг раҳбарлигида 10 та номзодлик ва 1 та докторлик диссертацияси ҳимоя қилинган.
Халқимизда “Олим бўлиш осон, одам бўлиш қийин” деган мақол бор. Юқорида айтилганлар Муқаддам опамларни кўзга кўринган шифокор олима эканликларини тасдиқлайди.
Муқаддам опам нафақат кўзга кўринган шифокор, олима, педагог эдилар, балки жуда катта жамоатчи арбоб эдилар, давраларда тенги йўқ нотиқ, тарихимиз билимдони бўлиш билан бир қаторда жуда чиройли ўйинга тушар эдилар. Қариндош-уруғлар, дўст-ёрларининг тўйлари, туғилган кунлари, бирор-бир оилавий байрамлари бўлса, ўртани очиш албатта Муқаддам опамга топширилар ва энг кераклиси, ўртани очганларидан кейин “Танаввор” чалиниб ўртада Муқаддам опам шундай завқ билан ўйнар эдиларки, халқ артистлари ҳам тан бериб тамоша қилишар эди. Бундан ташқари у киши ашулани ҳам жойига қўйиб айтар эдилар, “Беқасам тўнлар кийиб”ни жуда маромига келтириб хиргойи қилар эдиларки, бундай байрам ҳамма вақт ҳам бўлавермаганидек, ҳаммага ҳам насиб этавермас эди. Ана шундай энг гўзал фазилатларнинг бир инсон сиймосида жамулжам бўлишлигининг манбаи Муқаддам опам туғилиб вояга етган муҳит, оилалари бўлган, ўз даврининг илғор зиёлиларидан бўлмиш Саидашрафхон ота бешовлон қизларига ҳам (бувамларда беш қиз бўлган) шундай тарбия берганлар ва уларнинг ҳар бири ўзига хос истеъдод эгаси бўлган эди.

Screen Shot 2020-04-30 at 8.10.44 AM

Ҳар гал Муқаддам опам билан бирга ишлаган, қўлларида даволанган инсонлар билан учрашар эканман опамни қайтадан кашф этар эдим, у кишининг босиб ўтган ҳаёт йўлларига четдан қараб, бу йўлнинг сермазмунлигини, улуғворлигини, Муқаддам опам туфайли қанчадан-қанча инсон ҳаёти сақлаб қолинганлигини, қанчадан-қанча одамлар дардига малҳам бўлганларини хис қилар эдим.
Муқаддам опам бир умр ҳалол, пок яшадилар ва атрофдагилардан ҳам шуни талаб қилар эдилар, қўлларидан келадиган ишларни ўзлари қилар эдилар, керак бўлса, кўйлакларига ямоқ солиб ҳам кияр эдилар, керак бўлса туфлиларини ўзлари ямаб олар эдилар, бундан ҳеч тортинмас эдилар, аммо бирор бир одамдан таъмагирлик қилмас эдилар, бир сўз билан айтганда ишларида қанчали юксак ишларни бажарсалар, том маънода халқ хизматида бўлсалар, уйга кирганларида оддий бир ўзбек аёли бажарадиган ҳамма юмушларни ўзлари бажарар эдилар, у киши пиширган лимонли пироглар, холвайтар, нўхат шўрвалар таъми уни татиб кўрган одамларнинг оғзида қолар эди.
Муқаддам опам ҳаётни, санъат ва адабиётни жуда севар эдилар, кўп таниқли адиблар ва санъаткорларни қаттиқ ҳурмат қилар, улар билан самимий дўстона суҳбатда бўлар эдилар. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик, халқ шоири Зулфияхоним, халқ артистлари Юнус Ражабий, Мукаррама Турғунбоева, Рихсихон Иброҳимова ва таниқли жамоат арбоби Хосиятхон Ёқубжоновалар шулар жумласидан эди.
Юқорида айтганимдек, Муқаддам опам катта жамоатчи эдилар, ТашМИдаги жамоатчилик асосида олиб борадиган қатор ишларини ҳисобга олмаганда, республика “Жарроҳлар жамияти” бошқарувининг аъзоси, республика “Нуроний” жамғармаси Марказий Кенгаши аъзоси, маҳалла маслаҳатчиси, округ сайлов участкаларида сайлов комиссияси раиси ва ҳ.к. ва ҳ.к. лекин жамоатчилик асосида олиб борадиган ишларининг энг юқори чўққисига уруш қатнашчиси сифатида урушда ҳалок бўлганлар ва бедарак йўқолганлар хотирасини абадийлаштириш ишларини қўяр эдилар. Урушда ҳалок бўлиб жанг майдонлари тупроқларида қолиб кетган жангчилар хотирасини абадийлаштириш мақсадида ҳукуматимиз томонидан Мустақиллик майдонида “Мотамсаро она” хайкалини ўрнатиш, унинг пойига ўзбек жангчилари ҳалок бўлган жойлардан тупроқ олиб келиб солиш масаласи қўйилганда, бу ишда астойдил қатнашиб жонбозлик кўрсатганлардан бири Муқаддам опам эдилар. Ўзбекистонли бир гуруҳ уруш қатнашчилари билан бориб Россия, Украина шаҳарларидан, жумладан, Волгограддан тупроқ олиб келишган.
“Мотамсаро она” хайкали ўрнатилиб, ёнгинасида “Хотира” китоби қўйилгач, унинг очилиш маросимида қатнашиб келганларидан кейин:
– Бугун кўнглим сал таскин топди, қанчадан-қанча турмуш ўртоқларини урушда йўқотган бевалар, отасиз қолган фарзандлар, яқинларидан жудо бўлганлар энди шу ерга келиб улар руҳига Қуръон бағишлаб кетишларига имкон яратилди. Бунинг учун Президентимизга раҳмат, халқимизнинг дуосини олди, – деб хотиржам бўлдилар ва – жанглардан кейин операция столимда жон таслим қилган не-не ўзбек жангчиларининг ҳам руҳлари шод бўладиган бўлди, – деб қўшиб қўйдилар.
Тақдир тақозоси билан Муқаддам опам 1999 йили 9 май “Хотира ва қадрлаш куни”да республика Президенти билан “Мотамсаро она” пойига гул чамбарлар қўйиб келиб, 3-4 кундан кейин шамоллаб қолиш баҳона бўлиб, 22 майда оламдан ўтдилар. Муқаддам опам билан видолашиш учун келганларнинг сон-саноғи йўқ эди, узоқ-яқин қариндош-уруғлару, қўни-қўшнилар, касбдошларию-шогирдлар, қачонлардир опанинг қўлида даволанганлар, танимаса ҳам опа ҳақида эшитганлар оқиб келаверди. Келганлар орасида опамнинг уйларига биринчи бор кирганлар уларнинг уй шароитларини кўриб:
– Вой, биз опани бутунлай бошқача деб ўйлар эдик, кунига ўнлаб операция қилувчи, қанча-қанча одамларнинг соғлигини сақлаб қолувчи қўли гул опанинг эшиклари дастаси ҳам олтиндан бўлса керак, дер эдик, ваҳоланки опа сизу-бизга ўхшаб оддийгина турар экан, Аллоҳ раҳматига олсин, – деб кетишган эди.

Screen Shot 2020-04-30 at 7.54.38 AM

Тошкент, 1999 йил, 9 май…

Screen Shot 2020-04-30 at 8.10.29 AM

Уруш қатнашчиси, умр йўлларини меҳр ва жасорат гуллари билан безаган таниқли олима-профессор, шифокор-жарроҳ, жонкуяр мураббий, биз учун оддийгина холапошшамиз Муқаддам Ашрапованинг хотиралари эли-юрти учун жон фидо қилган минглаб юртдошларимиз қатори ватандошлари, шогирдлари, қариндош-уруғлари, фарзандлари қалбида абадий сақланади.

Жиянлари Мукаррам Муҳитдинова.

Гӯзал хулӄ ва чиройли муомала

Хулӄ-атворни эстетик категорияларда баӽолаш идрокимизга жозиба беради, хатти-ӽаракатимизнинг нозик томонларини намоён ӄилади. Масалан, «гӯзал хулӄ» ёки «чиройли муомала», деган иборалар. Бу нафислик ва нафосат аломати ӽам. Гӯзал хулӄли ва чиройли муомаласи бор инсонлар хаётимизга ва онгимизга латофат бағишлайдилар.